Президент қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қонунни имзолади

Президент қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қонунни имзолади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Қонунга мувофиқ, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги устувор йўналишларни белгилаш ва чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
  • мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ёқилғи-энергетика балансининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр, иссиқлик энергияси ва биогаз ишлаб чиқаришга доир қисмини диверсификациялаш;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасига инновацион технологияларни, илмий-техникавий ишланмаларни жорий этишни, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг энергия жиҳатдан самарадорлигини оширишни, уларнинг ишлаб чиқарилишини кенгайтиришни ва маҳаллийлаштиришни рағбатлантириш;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишнинг синаб кўрилган технологиялари асосида энергия ишлаб чиқариш қувватларини яратишга тадбиркорлик субъектларини жалб этишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчиларни, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги фундаментал, амалий, инновацион тадқиқотларни ривожлантириш, шунингдек илмий-техникавий ютуқларни тарғиб қилиш учун шароитлар яратади;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштиради.

 

 

Вазирлар Маҳкамаси қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида ўз ваколатлари доирасида: 

  • Электр энергияси ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини ягона электр энергетикаси тизимига улаш регламентини;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчиларни, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартибини;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган энергия бозорида қулай рақобатбардошлилик ҳамда ишбилармонлик муҳити шакллантирилишини рағбатлантирувчи нарх ва тариф сиёсатини;
  • қайта тикланувчи энергия манбалари ресурсларининг давлат ҳисобини юритиш тартибини белгилаб берувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир.

Энергетика вазирлиги:

  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги техник регламентларни, нормалар ва қоидаларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг бажарилиши юзасидан мониторингни амалга оширади;
  • Вазирлар Маҳкамасига қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчиларни, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга, қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган энергия бозорида нарх ва тариф сиёсатига доир масалалар юзасидан таклифлар киритади;
  • қайта тикланувчи энергия манбалари ресурсларининг, қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган энергиянинг ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг давлат ҳисобини юритади;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасига инновацион технологиялар, илмий-техникавий ишланмалар жорий этилишига кўмаклашади;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича инвестициявий жозибадорликни ошириш бўйича чора-тадбирларни давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган энергия бозорида қулай рақобатбардошлилик ҳамда ишбилармонлик муҳити шакллантирилишини рағбатлантирувчи нарх ва тариф сиёсатини такомиллаштириш асосида амалга оширади;
  • иқтисодиёт тармоқларига ва маиший секторга қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги ресурсларни ва энергияни тежовчи илғор технологияларни жорий этишни рағбатлантириш юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқади;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

 

Манба:   http://cc.uz/1618n