Қашқадарё вилояти Нишон туманига томчилатиб суғориш бўйича янги технология урнатилди.

Қашқадарё вилояти Нишон туманига томчилатиб суғориш бўйича янги технология урнатилди.

Сувни тежашни Қашқадарёдан ўрганинг! Нишон туманига томчилатиб суғориш бўйича янги технология олиб келинди

 

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида сувни тежаш усулларини жорий этиш борасида бир неча тизим амалиётга тадбиқ этилган. 
Булардан бири томчилатиб суғориш технологиясидир.

Хўш, томчилатиб суғоришнинг афзаллиги нимада? Бу борада чекка ҳудудларда қандай ишлар бажарилмоқда?
Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани мисолида шу саволларга жавоб излаб кўрамиз.



Томчилатиб суғоришнинг турлари
Томчилатиб суғоришнинг тизимларини қуйидагиларга кўра фарқлаш мумкин:

а) фойдаланилётган босимга кўра:
1. Сунъий босимлиги;
2.табиий босимлиги;
б) тупроқни намлаш контурига кўра:
1.чизиқли намлаш (полоса кўринишида)
2. Нуқтавий намлаш( илдиз атрофини)
c) томизгичли шланг турига кўра:
1. Бир йиллик (мавсумий)
2. Кўп йиллик

Экинларни томчилатиб суғоришни қандай амалга ошириш мумкин?

Нишон туманидаги «Фармонов Зиёдулла» фермер хўжалигининг умумий ер майдони 100 гектарни ташкил этади. 42 гектар ер майдонига бу йил чигит экилиб, томчилатиб суғориш технологияси илк марта қўлланиб кўрилди.
Бунинг учун фермер хўжалиги раҳбари Зиёдулла Фармонов шартнома асосида банкдан кредит олиб замонавий суғориш техникаларини олиб келди.


 Мазкур техникаларнинг афзаллиги катта. Биринчи навбатда ортиқча вақт  талаб этмайди. Бу эса сувчиларнинг ишини осонлаштиради,- дейди Зиёдулла ака биз билан суҳбатда. Ва энг асосийси сувни кўп миқдорда тежаш билан бирга, уни фильтрлайди ҳам.

Зиёдулла аканинг сўзларига кўра, ҳар ишнинг ўз машаққати бор. Томчилатиб суғориш усулларини ҳар ким ҳам амалиётга жорий эта олмайди. Бунинг учун яхши соҳа мутахассиси бўлиши керак.

Биз дастлаб томчилатиб суғоришни амалга оширишга иккиландик. Ҳосил қандай бўлар экан, қилинган ҳаражатни қоплай оламизми деган саволлар ҳаёлимдан ўтди. Лекин бу усул билан яхшилаб танишиб чиққандан сўнг, англадимки, ҳосил эртачи пишиши,  ёқилғи тежалиши,  пахта ҳосилини унумдорлиги янада яхши натижа беришини тушуниб етдим.

Фермер хўжалиги далаларидаги пахталар эгатга плёнка тўшаб суғориш усулида экилган бўлиб, одатда бу усул орқали сувни экин илдизига етиб бориши учун плёнка маълум масофаларда ( 0,2-0,3 метр) тешиб чиқилади.
Суғоришга берилаётган сув плёнканинг  устидан оқизилади ва ўз йўлидаги тешиклар орқали  тупрооқ сингиб уни намлайди.
Бу усул орқали  оқова сувларнинг миқдори сезиларли даражада камаяди.
Экин даласида ўқариқларни қисқа масофада олиш зарурияти қолмайди. Экин қатор ораларига техника ёрдамида ишлов берилмайди.


Ҳозирда мазкур далаларда пахтанинг «Порлоқ4» нави экилган бўлиб, аниқланишича бу нав томчилатиб суғоришда зўр ҳосил беради . Бу эса белгиланган давлат режасини ошиғи билан бажаришни таъминлайди.


  Ҳукумат томонидан бу тизимга эътибор қандай?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018- йил 27- декабрда  «Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини кенг жорий қилиш учун қулай шароит яратиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан ғўза етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгиланган бўлиб, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан томчилатиб суғориш тизимларини қуриш, таъмирлаш учун ажратиладиган кредит бўйича фоизлар банклар томонидан белгиланган фоиз ставкасидан бир гектарга 20 млн сўмдан ошмайдиган қисмининг 10 фоизли пункти миқдорида қопланади.
Шунингдек, томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ва хом ашё 2021-йил 1-январгача божхона божини тўлашдан озод этилади.

Хулоса ўрнида:
«Фармонов Зиёдулла» фермер хўжалигида бугунги кунда 15 киши мунтазам иш билан таъминланган бўлиб, хўжалик раҳбари ва ходимлар фермерлик соҳасида 29 йиллик тажрибага эгадир. Ўтган вақт давомида жамоа қатор ютуқларга эришган бўлиб, бу ютуқларнинг барчасини тинимсиз меҳнат самараси деб билишади.


 

«Сувни тежовчи технологияни қўллаш ҳисобига 50-60 фоиз сувни иқтисод қилиш мумкин. Биргина кўчма эгилувчан қувурлардан фойдаланиш сувни 10-15 фоизга, томчилатиб суғориш эса 35-65 фоизга тежаш имконини беради» деган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.
Шундай экан эндиликда сув ресурсларидан самарали ва тежамли фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишда масъулиятли бўлиши зарур.
Бу борада фермерлар барчага бирдек намуна бўлиши керак.