Қашқадарёда in-vitro усулида картошка уруғлигини кўпайтиришга ихтисослашган лаборатория ташкил этилади.

Қашқадарёда in-vitro усулида картошка уруғлигини кўпайтиришга ихтисослашган лаборатория ташкил этилади.

Қашқадарё вилоятида Польша инвестицияси асосида қиймати 8 миллион АҚШ долларига тенг, йиллик қуввати 8 миллион дона in-vitro усулида картошка уруғлик мини туганакларини кўпайтиришга ихтисослашган лаборатория ҳамда йилига 5 минг тонна юқори авлодли соғлом картошка уруғликлари етиштиришга мўлжалланган комплекс ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Польша ва Ўзбекистон Савдо-саноат палаталари, илмий-тадқиқот институтлари соҳага тегишли бошқа ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган учрашувда маълум қилинди.

Унда мазкур лойиҳани амалга ошириш, Ўзбекистон ва Польша ўртасида картошка уруғчилиги соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган масалалар муҳокама этилди.

– Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида мамлакатимизда картошка уруғи импортига бўлган эҳтиёж ички имкониятдан қопланиши, аҳолини иш билан таъминлаш, картошка уруғи сифатининг яхшиланишига эришилади. Ҳозирги кунда фермер хўжаликларини соғлом, вируслардан ҳоли картошка уруғликлари билан таъминлаш мақсадида Польша Республикаси билан ҳамкорликда тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Саидкамол Хўжаев.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда Ўзбекистонда 135 минг гектар ҳудудда 2,8 миллион тонна картошка етиштириш режалаштирилган. Маълумотларга қараганда, мамлакатимизга ҳар йили турли хорижий давлатлардан ўртача 20-30 минг тонна картошка уруғликлари импорт қилинмоқда. Хусусан, 2017 йилда Афғонистон, Беларусь, Эрон, Қозоғистон, Россия, Туркия, Покистон сингари давлатлардан қиймати 23 миллион 551 АҚШ долларига тенг 193 622 тонна картошка импорт қилинган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 224 674 тоннани ташкил этган.