Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 10 йилга мўлжалланган стратегияси тасдиқланади

Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 10 йилга мўлжалланган стратегияси тасдиқланади


Фото: Виталий Тимкив

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 - 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси;

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 - 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланади.

Белгиланишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси бўлинмалари раҳбарлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари “Йўл харитаси”да назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши бўйича шахсан масъулдирлар.

Қуйидагилар 2030 йилга қадар қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгиланади:

озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва истеъмол рационини яхшилаш, талаб этиладиган миқдорда ва харид қобилиятли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришини таъминлаш бўйича озиқ-овқат хавфсизлиги давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этишни назарда тутувчи аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш;

савдони янада эркинлаштириш, сифат назорати инфратузилмасини ривожлантириш, савдо операциялари харажатларини камайтириш ва экспортни рағбатлантириш, мақсадли халқаро бозорларда рақобатлаша оладиган, юқори қўшилган қийматли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш ҳисобига агробизнеснинг рақобатбардошлиги оширишни назарда тутувчи қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирларини яратиш;

қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғини модернизациялаш, диверсификация қилиш ва барқарор ўсишни қўллаб-қувватлаш учун хусусий инвестиция капитали оқимини кўпайтиришни назарда тутувчи соҳада давлат иштирокини камайтириш ва инвестицион жозибадорликни ошириш;

ер ва сув ресурслари, ўрмон хўжалигидан оқилона фойдаланиш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишни назарда тутувчи табиий ресурслардан оқилони фойдаланиш ва атроф муҳит муҳофазасини таъминлаш;

маъмурий бошқарувдан бозор иқтисодиётига ўтишни таъминлаш мақсадида давлат бошқаруви тузилмасини реструктуризация қилиш ва янада ривожлантиришни назарда тутувчи давлат бошқарувининг замонавий тизимларини ривожлантириш;

меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, шунингдек, юқори қўшилган қийматни оширишга қаратилган давлат сиёсатининг янги устувор йўналишларига мувофиқ бюджет маблағларини босқичма-босқич тақсимлаш орқали қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлашга сарфланадиган давлат харажатлари самарадорлигини оширишни назарда тутувчи тармоқни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган давлат харажатларини диверсификация қилиш;

илмий-тадқиқот, таълим ва маслаҳат хизматларини ишлаб чиқариш билан интеграциялашган қишлоқ хўжалиги билим ва маълумотларни тарқатишнинг самарали тизимини яратишни назарда тутувчи қишлоқ хўжалиги илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш;

қишлоқ жойларини мувозанатли ва барқарор ривожлантиришга кўмаклашишни назарда тутувчи қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш;

статистик маълумотларни тўплаш ва маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва тарқатишнинг самарали тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни назарда тутувчи тармоқ статистикасининг шаффоф тизимини ишлаб чиқиш.

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 - 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи этиб белгиланади.