Шавкат Мирзиёев янги қонунни имзолади. У яйловларга алоқадор

Шавкат Мирзиёев янги қонунни имзолади. У яйловларга алоқадор

2019 йил 21 майда матбуотда эълон қилинган “Яйловлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни юртимизда чорвачиликни ривожлантириш, аҳолининг гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, муҳими, уларнинг нархини барқарорлаштиришда муҳим ўрин тутади.
 
Маълумки, азалдан деҳқончилик билан бир қаторда чорвачиликда ҳам улкан тажрибага эга халқимиз учун яйлов доимо аҳамиятли ресурс ҳисобланган. Бироқ яқин ўтмишимизда ердан нооқилона фойдаланилгани оқибатида яйловларимизга путур етгани ҳам сир эмас.
 
Таҳлилларга кўра, ҳозирги кунга келиб, мамлакатда мавжуд 21 миллион гектар яйлов майдонларининг 78 фоизи деградацияга учраган. Қолган майдонларда ҳам аҳвол яхши эмас. Хусусан, 20 фоиздан ортиқ майдондаги яйлов ва пичанзорларда ўсимликлар сони ва турлари камайиб, маҳсулдорлик 2 баробарга, жумладан, озуқа экинлари ҳосилдорлиги гектарига ўртача 2 центнерга қисқарган.
 
Деградацияга учраган яйловларни аниқлаш, тиклаш ҳамда ҳосилдорлигини ошириш борасида деярли бирор-бир амалий иш қилинмаган.
 
Эътибор беринг, ўтган асрнинг 90-йилларида яйловларимизда 270 тадан зиёд ўсимлик тури учраган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг 42 тури қолган, холос.
 
Албатта, кейинги йилларда пахта майдонларини қисқартириб, полиз экинларини етиштириш, боғ ва токзорлар барпо этишга катта аҳамият берилмоқда. Шунингдек, чорвачилик билан шуғулланувчи фермерлар сафи ҳам кенгайди.
 
Бироқ шунга қарамасдан ҳанузгача чорвачилик учун муҳим саналган яйловлар масаласи долзарблигича қолмоқда. Кўп ҳолларда чорвадорларимиз айни яйловлатиш мавсумида ҳам ем-хашакни сотиб олишга мажбур бўлмоқда. Бу эса ўз-ўзидан гўшт нархининг ошишига олиб келаётгани сир эмас.
 
Бу каби муаммоларнинг ҳал этилмасдан қолаётганини яйловлардан фойдаланишнинг ягона ҳуқуқий механизми яратилмаганлиги, бу борада давлат бошқаруви органларининг ваколатлари аниқ белгиланмаганлиги билан ҳам изоҳлаш мумкин.
 
Яйловларни муҳофаза қилиш ва уларнинг маҳсулдорлигини оширишга қаратилган илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмаларнинг жорий этилмагани ҳамда улардаги мавжуд инфратузилма, хусусан сув таъминоти иншоотларининг эскиргани ҳам бу борадаги долзарб муаммолардандир.
 
“Яйловлар тўғрисида”ги янги қонун шу каби муаммоларни самарали ҳал этиш, жумладан яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг яхлит ҳуқуқий асоси шаклланишига хизмат қилади.
 
31 моддадан иборат мазкур қонунда яйлов тушунчасининг ҳуқуқий мақоми, уларни муҳофаза қилиш, ривожлантириш каби қатор масалаларга оид нормалар акс этган.
 
Хусусан, қонунда яйловлар умуммиллий бойлик эканлиги ва улар давлат томонидан муҳофаза қилиниши, яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурларини амалга ошириш, қоида ва нормалар белгилаш, давлат назоратини амалга ошириш, илмий-тадқиқот фаолияти ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда яйловларни кўпайтириш ва тиклаш масалалари бу борадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгиланган.
 
“Давергеодезкадастр”, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмиталари яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари сифатида белгиланиб, қонунда уларнинг бу борадаги ваколатлари алоҳида нормалар билан мустаҳкамланган.
 
Масалан, “Давергеодезкадастр” давлат қўмитаси яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириши, яйловларни инвентаризациядан ўтказиши ва мониторингини юритиши белгиланди.
 
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бу борада экологик экспертиза ва экологик назоратни амалга оширади.
 
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси эса ўрмон фонди ерларида яйловлардан фойдаланиш, жумладан, пичан ўриш ва чорва молларини ўтлатиш тартиб-таомилларини белгилаш ҳамда чорвани ўтлатиш учун участкалар бериш каби вазифаларни бажаради.
 
Қонуннинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, унда давлат органлари билан бир қаторда маҳалла, нодавлат ташкилотлари, фуқаролар ҳамда яйловлардан фойдаланувчилар бирлашмасининг мазкур йўналишда жамоатчилик назоратини амалга ошириши алоҳида белгиланган.
Бу эса, шубҳасиз, яйловлардан оқилона фойдаланишни таъминлашга ва бу борада турли ноқонуний ҳолатларнинг ўз вақтида олди олинишига хизмат қилади.
 
Қонунда яйловлардан фойдаланишга доир масалалар, яъни фойдаланиш ҳуқуқи, фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фойдаланиш нормалари, муддатлари ва шу каби бошқа муҳим жиҳатлар алоҳида нормалар билан белгиланган.
 
Жумладан, яйловлардан фойдаланиш ҳуқуқи белгиланган нормага кўра, юридик ва жисмоний шахслар ер участкаларини доимий эгалик қилишга, ижарага, шунингдек, вақтинча фойдаланишга олиш йўли билан яйловлардан фойдаланиши мумкин.
 
Яйловларда белгиланган қоида ва меъёрларга кўра чорва молларини ўтлатиш ва пичан ўриш, яйлов инфратузилмасини барпо этиш ҳамда яйловлардан фойдаланувчилар бирлашмасини тузиш яйловлардан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари сифатида қайд этилган бўлса, яйловдан оқилона фойдаланиш, ёнғинларнинг олдини олиш, ўсимлик зараркунандаларига қарши кураш уларнинг мажбуриятлари сирасига киритилган.
 
Қонунда халқаро тажриба, хусусан АҚШ, Хитой, Буюк Британия, Швейцария, Монголия, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларнинг яйловлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишга оид қонунчилик асослари ва амалий тажрибалари инобатга олинган.
 
Бундан ташқари, қонунни амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган режада уни амалиётга татбиқ этишнинг аниқ чоралари назарда тутилган.
 
Бир сўз билан айтганда, янги қонун яйловларни муҳофаза қилиш, уларни кўпайтириш, учраётган муаммоларни бартараф этишда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.
 
 
Манба:http://cc.uz/1619m