Сув билан боғлиқ муаммоларнинг аксариятига нима сабаб бўлмоқда? Kun.uz’нинг Германиядаги юртдошимиз билан махсус интервьюси

Сув билан боғлиқ муаммоларнинг аксариятига нима сабаб бўлмоқда? Kun.uz’нинг Германиядаги юртдошимиз билан махсус интервьюси

Дунёнинг 30 фоизга яқин аҳолиси хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга эмас. 2030 йилга бориб, ер шари аҳолисининг ярми сув танқис бўлган ҳудудларда яшашга мажбур бўлади. Бундай маълумотлар эса сув ресурсларини асраш мавзусига янада жиддий ёндашиш ва сув билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олишга қаратилган профилактика чораларини кучайтиришни талаб этади.

Kun.uz мухбири Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг "UzWaterAware" лойиҳаси бўйича Германияга амалга оширган сафари доирасида ҳамюртимиз, Берлин шаҳридаги Water Integrity Network халқаро нодавлат ташкилотининг тадқиқотлар бўйича координатори, “Буюк келажак” эксперти Умрбек Аллақулов билан сув муаммолари ва уларнинг ечими ҳақида суҳбатлашди.

Фото: Аскар Якубов

-        Сиз фаолият юритаётган Water Integrity Network қандай ташкилот?

-        Water Integrity Network сув муаммолари бўйича дунё аҳлининг хабардорлик даражасини ошириш ва коррупциянинг олдини олиш тамойилларини тарғиб қилиш билан шуғулланади. Биз ўз фаолиятимиз давомида халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз. Бугунга келиб уч давлатда тўғридан-тўғри дастурларни амалга ошириб келмоқдамиз. Шу билан бирга, дунёнинг 10 дан ортиқ мамлакатида ҳамкорларимиз орқали тадбирлар уюштирамиз.

-        Бугунги кунда сув билан боғлиқ қандай долзарб муаммолар мавжуд? Уларга доир прогнозлар бўлса, келтириб ўтсангиз.

-        Тоза ичимлик суви дунёда энг нотекис тақсимланган ресурслардан биридир. Сўнгги маълумотларга кўра, дунёнинг 30 фоизга яқин аҳолиси хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга эмас. Олимлар тахминига кўра, 2030 йилга бориб, ер шари аҳолисининг ярми сув танқис бўлган ҳудудларда яшашга мажбур бўлади. Кўп мамлакатларда ичимлик суви ва суғориш суви танқислиги тобора ошиб бормоқда. Бу эса мамлакатлар ўртасида трансчегаравий сувлар ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда сув истеъмолига оид халқаро низоларни келтириб чиқаради. Боз устига, глобал иқлим ўзгариши бу каби муаммоларнинг янада кучайишига олиб келади ва натижада, нафақат сув танқислиги, балки сув тошқинлари ҳам кўпаяди. 

-        Сизнинг фикрингизча, сув билан боғлиқ инқирозларнинг бош сабаби нимада?

-        Тадқиқотларнинг кўрсатишича, сув соҳасидаги инқирозларнинг аксариятига сув заҳираларининг танқислиги эмас, соҳа бошқарувидаги камчиликлар сабаб бўлмоқда. Мутахассислар кузатувига кўра, бошқарувдаги камчиликлар замирида қатор масалалар, жумладан, коррупция ва ҳуқуқбузарликка доир муаммолар ётади.

Water Integrity Network ҳисоботида келтирилишича, ўрта ҳисобда сармояларнинг 10 фоизи коррупция туфайли талон-тарож қилинса, йилига дунё миқёсида сув соҳасига мўлжалланган 75 миллиард АҚШ доллари йўқотилади. Бундан ташқари, ичимлик суви билан боғлиқ хизматларни кўрсатишда сув ресурсларини тақсимлаш ва муҳофаза қилишда содир этиладиган ҳуқуқбузарлик ва коррупция ҳолатлари жамоатчилик саломатлиги инқирозига, озиқ-овқат ишлаб чиқаришдаги қийинчиликларга ва табиий ресурсларнинг ифлосланишига олиб келади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, коррупция кўп учрайдиган мамлакатларда халқнинг ҳукуматга бўлган ишончи пасайиши кузатилади ва бу, ўз навбатида, қўшимча муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

-        Сув соҳасидаги коррупция муаммосининг ечими ҳақида нима дея оласиз, сиз фаолият юритаётган ташкилот бунда қандай тамойилларга асосланади?

-        Иқтисодиётнинг ҳар бир сектори ўзига хос бошқарув тузилмаси ва ҳуқуқий асосларга эга. Шу боис соҳада учрайдиган муаммолар, жумладан, ҳуқуқбузарлик ва коррупция ҳолатлари бошқалардан ажралиб туради.

Water Integrity Network ташкилоти сув соҳасида ҳалолликка асосланган бошқарув ва коррупциянинг олдини олишга доир 4 тамойилни тарғиб қилиб келади. Булар:

1.   Очиқлик ва шаффофлик (яъни барча маълумотлар очиқ тақдим этилиши керак, истаган одам сув билан боғлиқ  маълумотларни олиш имконига эга бўлиши керак, мавзу очиқ муҳокама қилиниши лозим);

2.   Жавобгарликнинг муқаррарлиги (яъни шу соҳада фаолият юритаётган шахслар, корхоналар ва давлат ташкилотлари аҳоли олдида масъулиятни ҳис қилиши керак);

3.   Фуқаролик жамиятининг иштироки (яъни жамоатчиликнинг соҳада фаол иштирок этиши муҳим, масалан, улар лойиҳалар мониторингида, сув билан боғлиқ дастурлар тузилишида қатнаша олиши, уларнинг таклиф ва истаклари инобатга олиниши керак, шикоятларни кўриб чиқишга доир механизмлар ишлаб чиқилиши лозим);

4.   Коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларнинг амалда мавжудлиги. Ҳар бир соҳанинг ўзига хос хусусиятлари бор, шулардан келиб чиқиб, ушбу соҳада коррупцияга нисбатан қандай имкониятлар ва хавфлар борлигини тушуниб олиш ҳамда уларнинг асосида чора-тадбирлар тузилиши керак. Коррупцияга қарши ахборот берган шахсларнинг ҳимоя тизимини таъминлаш зарур. Агар бу тизим ишламаса, коррупция давом этаверади.

-        Фаолиятингиз давомида қандай қийинчиликлар кузатилмоқда?

-        Биринчиси, муаммо борлигини кўпчилик билади-ку, лекин бу ҳақида очиқ айта олмайди. Иккинчиси, коррупция кўп учрайдиган давлатларда коррупция одатий тусга айланиб қолган бўлади. Бу ҳаёт тарзига айланиб кетгани учун одамлар коррупцияни ҳуқуқбузарлик сифатида қабул қилмайди, чунки бу йиллар давомида давом этиб келган ва одамларнинг турмуш тарзига сингиб кетган. Шунинг ўзи ҳам биз учун муаммо, чунки бирор давлатга борсангиз-у, улар “ўзи доим шундай қилинади-ку” деб, муаммонинг бошқа йўлини кўрмаслиги ҳам мумкин.

-        Ўзбекистонда сув соҳасидаги ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш учун қандай чора-тадбирлар зарур, деб ҳисоблайсиз?

-        Интервьюга келишдан аввал Ўзбекистоннинг сув таъминоти бўйича маълумотларни интернетдан излаб кўрдим ва уларни топишга қийналдим. Таъкидлаш жоизки, Африканинг 90 фоиз давлатида бу маълумотларни осонгина топиш мумкин. Коррупцияга қарши курашишда очиқлик ва шаффофлик жуда муҳим.

Сув соҳасидаги ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш учун энг аввало ҳуқуқбузарлик ва коррупциянинг олдини олиш бўйича сув соҳасига ихтисослашган дастур ишлаб чиқилиши ва амалда татбиқ этилиши лозим. Шу билан бирга, сув соҳасида содир бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва коррупцияга олиб келувчи омиллар бўйича илмий тадқиқотлар ўтказилиши зарур. Шу тадқиқот натижаларига асосланиб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда жадал суратда олиб борилаётган ислоҳотлар юқоридаги муаммоларни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Масалан, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун, давлат харидлари ҳақидаги қонун ва тегишли давлат дастурлари ишлаб чиқилмоқда. Умид қиламизки, бундай дастурлар сув билан боғлиқ муаммолар ечимида ҳам ўз амалини топади.

Ўзбекистон ҳукуматининг сув соҳасидаги муаммоларга алоҳида эътибор қаратаётгани қувонарли, албатта. Бу борадаги чора-тадбирлар Президент томонидан 2017 йил 21 апрелда имзоланган “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда тўлақонли белгилаб берилган. Бизнинг ташкилотимиз мазкур қонун ва дастурлар ижроси натижаларини қизиқиш билан кузатиб бормоқда, уларнинг кутилган самарани беришига ишонамиз.

-        Water Integrity Network қандай лойиҳалар устида ишламоқда? Ташкилотингиз ҳамкорлари орасида Ўзбекистон вакиллари ҳам борми?

-        Ҳозирда Ўзбекистондан ҳамкорларимиз йўқ, Марказий Осиёда бор. Дунёнинг турли ҳудудларида фаолият юритиб келаётган ҳамкорларимиз талайгина ва шу ҳамкор ташкилотларнинг Ўзбекистонда йўлга қўйган лойиҳалари бор, лекин улар бизнинг мавзу бўйича иш олиб бормайди. Коррупция мавзуси осон мавзу эмас, яъни у барча давлатларда ҳам очиқдан-очиқ муҳокама қилинмайди. Қайси мамлакатларда шу мавзу билан шуғулланиш истаги бўлса, кўпроқ шулар билан ишлаб келяпмиз. Бу мавзуга иштиёқ бўлмаслигининг ўзи бир муаммо.

Коррупциянинг олдини олиш томон қўйилган биринчи қадам ушбу муаммони муҳокама қилишдан бошланади. Коррупцияга қарши кураш ҳар хил даражада олиб борилиши мумкин, албатта. Масалан, давлат даражасида олиб қарайдиган бўлсак, Ўзбекистонда кўп ишлар амалга оширилмоқда, лекин айнан бирор соҳа ичидаги коррупцияга қарши курашиш кўп давлатлар учун янгиликдир. Биринчи навбатда, давлат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари билан суҳбат қилиниши керак ва улар давомида коррупция муаммоси қай даражада тарқалгани, қандай оқибатларга олиб келаётганини яхшилаб тушуниб олиш керак. Муаммони янада чуқур ўрганиш учун турли тадқиқотлар олиб бориш мумкин. Шундан кейингина турли жиҳозлар ва  механизмларни йўлга қўйиб, иш олиб борамиз.

-        Қайси мамлакатларда шундай тадқиқотлар олиб борилмоқда?

-        Ҳозирги кунда уч мамлакат – Бенин, Бангладеш ва Кенияда катта лойиҳаларимиз бор, яъни уларни тўғридан-тўғри бошқарамиз. Бу мамлакатларда сув танқислиги бир муаммо бўлса, иқлим ўзгариши оқибатидаги сув тошқинлари яна бир муаммо.

Маълумот учун: Умрбек Аллақулов Урганч шаҳрида туғилиб ўсган. Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетида таҳсил олган. Пойтахтдаги Германия ҳамкорлик ташкилотида 2 йил ишлаган. Шундан кейин грант асосида магистратурада ўқиш учун Германияга йўл олган. Уни тугаллагач, 1 йил Вашингтон (АҚШ) шаҳрида Жаҳон банкида ишлаган. Сўнгги уч йилда Германиянинг Берлин шаҳрида жойлашган Water Integrity Network ташкилотида фаолият юритади ва шу ерда яшайди.

Оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва давлат идоралари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегациясининг Германияга ташрифи "UzWaterAware" лойиҳаси доирасида ташкил этилди. "UzWaterAware" лойиҳаси Европа Иттифоқи ҳамда Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (CAREC) томонидан молиялаштирилади, лойиҳанинг миллий ҳамкори - Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги.

 

Манба:  http://cc.uz/1618h