Сув объектларини бошқаришда он-лайн ахборот тизими кенг жорий этилади

Сув объектларини бошқаришда он-лайн ахборот тизими кенг жорий этилади

Жорий йилнинг 18 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан Сув хўжалиги вазирлигининг “Ўзбекистонда сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш борасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижроси” юзасидан ахборотини эшитишга оид кенгайтирилган мажлис ўтказилди.

Унда Сув хўжалиги вазири ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 февралдаги Фармойиши асосида Сув хўжалиги вазирлиги зиммасига юклатилган вазифалар ижроси бўйича 11 йўналишда олиб борилган амалий ишлар ҳақида маълумот берди.

 

 

Хусусан, сувни тежаш бўйича маълумотларни он-лайн режимида узатиш тизимини яратиш бўйича, жаҳон тажрибалари ўрганилган ва Кореянинг “Smart Water” ахборот тизими маъқулланиб, КОИКА халқаро ҳамкорлик агентлигининг 7,0 млн. АҚШ доллари қийматидаги грант маблағлари жалб этилган.

Жорий йилда 12 минг 121 гектар пахта етиштириладиган майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича 199 та пахта хом ашёси етиштирувчи, шундан 188 та фермер хўжалиги ва 11 та кластер ташкилотларининг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқлангани ҳақида ахборот берилди.

Ахборотда қайд этилганидек, жорий йилда 30 минг гектар, шу жумладан 12 минг гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш режалаштирилган бўлиб, бу ишларни жадаллаштириш ва ҳар йили маҳаллийлаштириш орқали 2-3 баробарга кўпайтириб бориш талаб этилмоқда. 2019 йилнинг I ярим йиллигида ирригация объектларида 756 млрд. сўм, мелиорация объектларида 209 млрд. сўмлик қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди. 299 та насосни модернизация қилиш лойиҳасини Россиянинг “Внешэкономбанк”и маблағлари ҳисобидан “молиялаштириш шартлари”ни аниқлаштириб, техник иқтисодий асослар ишлаб чиқишни 1 августгача якунлаш зарурлиги, 61 та сув объектларида Жанубий Корея ёрдамида он-лайн ахборот тизимини ишга тушириш билан боғлиқ ишларни йил охирига қадар якунлаш вазифалари турганлиги ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

 

Депутатлар мамлакатимизда сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва ундан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар, камчилик ва муаммолар, уларни ҳал этиш борасида мутасадди вазирлик ҳамда идоралар олдида турган муҳим вазифалар, шунингдек сув ва сувдан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбир якуни бўйича сувдан оқилона фойдаланиш, сув ресурсларини бошқариш масалаларини тартибга солувчи қонунчилик базасини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ва тавсиялар билдирилди ҳамда қўмитанинг тегишли қарори тасдиқланди.

Манба: http://parliament.gov.uz/uz/events/committee/28047/