Сув омборлари раҳбарлари малака оширмоқда.

Сув омборлари раҳбарлари малака оширмоқда.

 
Сув хўжалиги вазирлиги тизимида кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг сентябрь ойидан буён Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ташкил этилаётган бир ҳафталик курсларда  ирригация тизимлари бошқармаси ва туман ирригация бўлимларининг 200 нафардан зиёд раҳбар ходимлари малака оширди. Машғулотларга АҚШнинг “Silverleafe international”, Исроилнинг Netafim, Туркиянинг “Грен агро” компаниясидан малакали мутахассислар жалб этилди.

“Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” билан ҳамкорликда ўтказилаётган навбатдаги малака ошириш машғулотларида мамлакатимиздаги сув омборлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Респуликаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев сўзга чиқиб, мамлакатимиз сув хўжалиги тизимини изчил ривожлантириш, мавжуд сув ресурсларидан оқилона ва тежаб-тергаб фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.

Иқтисодиёт тармоқлари, жумладан, қишлоқ хўжалигининг сувга бўлган эҳтиёжини таъминлашда сув омборлари муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда республика бўйича умумий ҳажми 19 млрд. м3 дан зиёд бўлган 55 та сув омборлари мавжуд бўлиб, улардан барқарор фойдаланиш, сув омборларини суғориш мавсумига тайёрлаш, соз ҳолатда сақлаш ҳамда хавфсизлигини таъминлаш доимий эътибордаги долзарб масала ҳисобланади. Кейинги йилларда сув омборлари, йирик гидротехника иншоотлари ҳамда муҳим тоифаланган объектларда олдиндан огоҳлантириш ва локал хабар бериш тизими босқичма-босқич жорий қилинмоқда.

Малака ошириш курси тингловчилари бир ҳафта мобайнида республикамизда сув хўжалиги тизимини ривожлантириш истиқболлари, гедротехника иншоотларининг ишончлилиги ва хавфсизлигини таъминлаш каби мавзуларда маърузалар тинглайди.

Машғулотлар 30 ноябрга қадар давом этади.

 

Матбуот хизмати