Сув ресурсларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича вазифалар белгиланди

Сув ресурсларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича вазифалар белгиланди

Жорий йилнинг 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Ҳайъат аъзолари, вазирлик марказий аппарати масъул ходимлари, тизимдаги республика ва ҳудудий ташкилотлар, насос станциялари ва “Сувқурилишинвест” корхоналари раҳбарлари иштирокида ўтган йиғилишда тизимда амалга оширилаётган ишлар таҳлилий-танқидий муҳокама қилинди.

Йиғилишни Сув хўжалиги вазири, ҳайъат раиси Ш.Хамраев бошқарди.

Таъкидландики, 2019-2020 йиллар вегетация мавсуми кўнгилдагидек ўтди. Республикамизнинг барча ҳудудларида қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда муаммолар кузатилмади.

Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида коллектор-дренаж тармоғини реконструкция қилиш ва тиклашни таъминлаш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг сув таъминотини яхшилаш учун янги сув омборларини қуриш масалалари бўйича 2019 йил январь-сентябрь ойларида 359 та ирригация объектларида 1 трлн 223 млрд сўм маблағ ўзлаштирилиб, 496 км канал, 73 км лоток тармоқлари, 32 дона гидротехника иншооти, 84 дона тик суғориш қудуқлари, насос станцияларининг 5,4 км босимли қувурлари ва бошқа объектларда қуриш ҳамда реконструкция ишлари бажарилди.

Ерлар шўрланиши ва сифат жиҳатидан ёмонлашуви давом этишининг олдини олиш юзасидан мелиоратив объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 185 та лойиҳа доирасида 298 млрд сўм ўзлаштирилиб, 753 км коллектор тармоқлари қурилди ва реконструкция қилинди.

Бундан ташқари, 362 та лойиҳа доирасида 270 млрд сўм маблағ ўзлаштирилиб, жами 12 минг 620 км коллектор-дренаж тармоқлари тизимли таъмирланди ва тикланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 октябрда қабул қилинган “Сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4486-сонли қарорига асосан халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига Қизилсой, Тоштепа, Паркентсой, Обизаранг, Аёқчи, Майдонсой, Испарон, Чоркесар ва Заркент сув омборларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ишлари бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги 5742-сонли Фармонига асосан қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган 298 минг 563 гектар майдон ирригация ва мелиорация тадбирларини амалга ошириш натижасида икки босқичда, 1-босқич 2019-2021 йилларда жами 147 минг 703 гектар майдон фойдаланишга киритилиши белгиланган. Жорий йилда 5 минг 525 км узунликда ирригация-мелиорация тадбирларини амалга оширилиши натижасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жами 40 минг 141 гектар майдон фойдаланишга киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сонли Фармони билан жорий йилда 27 минг 900 гектар, 2020 йилда 43 минг 800 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш белгиланган.

Ўтган 9 ойда жами 31 минг 100 гектар майдонда ёки режага нисбатан 111 фоизга томчилатиб суғориш тизимини қуриш ва монтаж ишлари тўлиқ якунланиб, ушбу технология орқали суғориш ишлари амалга оширилди.

2019 йил 25 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4499-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорга биноан, сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун давлат томонидан субсидиялар бериш кўзда тутилган бўлиб, 2025 йилгача 1 млн. гектар майдонга сувни тежайдиган технологиялар, шу жумладан 250 минг гектарда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш режалаштирилмоқда.

Бугунги кунда республика бўйича истеъмол қилинадиган электр энергиясининг 10 фоизи сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станциялари томонидан истеъмол қилинишини ҳисобга олганда, насос станцияларда энергия сарфини камайтириш долзарб ҳисобланади.

Жорий йилнинг ўтган даврида 431 дона насос, 1191 дона электродвигатель замонавий энерготежамкорларига алмаштирилди. Шунингдек, насос станцияларга 748 дона реактив энергиясини компенсация қилувчи 748 дона конденсатор қурилмалари ва 423 дона қуёш батареялари ўрнатилди. 108 дона насос ва 308 дона электродвигатель замонавийсига алмаштирилди. Насос станцияларидаги яроқсиз ҳолга келган 300 км босимли қувурдан 4 минг 861 метр қисмида таъмирлаш ишлари бажарилди.

Бундан ташқари, 299 та насос станцияни модернизация қилиш бўйича техник иқтисодий асослар ишлаб чиқилиб, лойиҳани молиялаштириш учун Россия томони билан келишиш ишлари олиб борилмоқда.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида насос станцияларида 2017 йилда 8 млрд 343 млн кВт/соат, 2018 йилда 7 млрд 995 млн кВт/соат электр энергияси истеъмол қилинган бўлса, жорий йилда ўтган йилгига нисбатан 480 млн кВт/соат электр энергияси тежалишига эришилди.

Сув хўжалигида ахборот-коммуникация технологиялари ва инновациялардан кенг фойдаланиш борасида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) нинг 7 млн АҚШ доллари қийматидаги грант маблағлари ҳисобига “Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) асосида сув ресурсларини интеграллашган ҳолда бошқариш мастер-режаси ҳамда пилот лойиҳаси” амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда 61 та нуқтага мўлжалланган “Ақлли сув” қурилмалари Ўзбекистонга олиб келинди, шу йил ноябрь-декабрь ойларида улар ўрнатилади ва ягона тизимга уланади.

Шунингдек, ушбу лойиҳа доирасида сув хўжалигида ахборот-коммуникация технологияларини тўлиқ жорий қилиш бўйича Мастер-режа лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Вазирлик тизимида кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Жорий йил бошидан 100 нафардан зиёд ходим хорижий давлатларда малака ошириб келди. Сентябрь-октябрь ойларида ирригация тизимлари бошқармаси ва туман ирригация бўлимларининг 200 нафардан зиёд раҳбар ходимлари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида малака оширди. Машғулотларга АҚШнинг “Silverleafe international”, Исроилнинг Netafim, Туркиянинг “Грен агро” компаниясидан малакали мутахассислар жалб этилди.

Илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш бўйича сув хўжалиги соҳасида 10 дан ортиқ илмий ишлар ҳимоя қилинди.  Шунингдек, республикамиз олий таълим муассасаларини ирригация ва мелиорация йўналишлари бўйича тамомлаган 500 нафардан ортиқ битирувчилар сув хўжалиги ташкилотларига ишга қабул қилинди. Ёш мутахассис кадрлар тизимлардаги тажрибали ходимларга “устоз-шогирд” тизими асосида бириктирилди. Уларни ижтимоий, моддий, маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, жойларда ёрдамчи хўжаликлар ташкил этилиб, иссиқхонада етиштирилган сабзавот экинлари, товуқ, курка, ўрдак, ғоз, чорва моллари, қўй, эчки, балиқ, асалари боқишдан тушган даромад ишчи-ходимларга қўшимча рағбат сифатида йўналтирилмоқда.

Йиғилишда мамлакатимиз Президенти томонидан жорий йил 19 сентябрь куни сув ресурсларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда соҳа олдига қўйилган вазифалар ижроси муҳокама қилинди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари кўрсатмаларига мувофиқ ишлаб чиқилган қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегиясида белгиланган сувдан фойдаланиш ва уни тежаш бўйича долзарб чора-тадбирларнинг ижроси, суғоришдаги йўқотишларни қисқартириш, ажратилаётган бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича бажарилаётган ишлар кўриб чиқилди.

Ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, таъмирлаш-тиклаш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, бу борада Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кесимида намунавий туманлар ташкил этиш бўйича ишлар талаб даражасида олиб борилмагани таъкидланди. Насос станциялари  ва биноларини таъмирлаш,  мелиоратив техникалардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, 2019-2020 йиллар куз-қиш мавсумида амалга ошириладиган ирригация ва мелиорация тадбирларини уюшқоқлик билан ўтказишда ечимини кутаётган муаммолар борлиги эътироф этилди.

Сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш бўйича давлат кафолати остидаги хорижий кредит маблағларини ўзлаштириш белгиланган режа асосида олиб борилмаяпти.

Йўл қўйилган камчиликлар юзасидан Аму-Қашқадарё, Норин-Сирдарё, Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси раҳбарлари ва бошқа мутасаддиларнинг ҳисоботи тингланди.

Ҳайъат йиғилишида республика ва тизим ташкилотлари раҳбарларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 октябрдаги ПҚ-4486-сонли, 25 октябрдаги ПҚ–4499-сонли қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, сувдан самарали фойдаланиш, ҳисобини юритиш, ирригация тармоқларида сув тежовчи янги технологияларни қўллаш, ҳудудларнинг сув таъминоти ва уни тежаш имкониятидан келиб чиқиб, экинларни жойлаштиришнинг такомиллаштирилган тизимини ишлаб чиқиш, соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш юзасидан  тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.   

Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятда йилига камида 10 минг м3 бетон ва темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, келгуси йилда бажариладиган ишлар бўйича манзилли дастурлар рўйхатини тузиб, 2020 йил январь ойида янгидан бошланадиган объектлар тендерлари ўтказилишини ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.                                        

Шунингдек йиғилишда, вазирлик ҳайъати ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Ҳайъат йиғилишида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сув хўжалиги  вазирлиги Матбуот хизмати