Сув ва экология мавзуси бўйича тренер нималарга эътибор қаратиш керак?

Сув ва экология мавзуси бўйича тренер нималарга эътибор қаратиш керак?

Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг мамлакатимиздаги филиали ва Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тренинг журналистика соҳасида ўқув дастурини режалаштириш ва ўтказиш масалаларига бағишланди.


Унда сув ва экология соҳасида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари, матбуот хизмати раҳбарлари ва журналистлар иштирок этди.


Тадбирдан кўзланган мақсад сув ва экология масалаларида ўқитиш ва бунда айнан журналистика соҳасида ўқув машғулотларини мавзу бўйича қай тарзда ташкил этиш ҳамда шу йўналишда тренерлар тайёрлашдан иборат.


Тадбирда Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази тренерлари Саида Сулаймонова ва Дарья Османова машғулотлар давомида сув ва экологияни асраб-авайлашда аҳоли билан қандай мулоқот олиб бориш ҳамда бу масаладаги муаммолар ечимини топишда тадбир иштирокчиларининг улар билан ишлашда энг зарур замонавий ёндашувлар ва усулларга алоҳида эътибор қаратди.


– Мазкур тадбирни "UzWaterAware" лойиҳаси доирасида уюштирдик, – деди Марказий Осиё минтақавий экология марказининг мамлакатимиздаги филиали директори Шаҳноза Умарова. – Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида 2016 йилдан буён амалиётга татбиқ этилаётган лойиҳа сув ва экологик масалалари тарғиботига асосланган. Бунда биз маҳаллий ҳамкорлар билан сувдан унумли фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича аҳоли, талабалар ва болалар ўртасида турли тадбирлар ташкил қиламиз. Масалан, филиалимиз мамлакатимизда нашр этиладиган "Булоқча" –"Родничок" болалар журналларини оммалаштирилишига ёрдам беради. Болалар тилида чоп этиладиган ушбу журналлар Ўрта Осиёда ягона нашрдир. Бу журналларга қўшни мамлакатларда талаб катта ва биз уларга шу журналлар етказиб берамиз. "Бир миллион дарахт" акцияси ҳам лойиҳа доирасидаги тадбирлардан бири бўлиб, уни "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати билан биргаликда ҳудудларда амал оширилмоқда. Лойиҳада ОАВлари билан биргаликда ишлаш алоҳида инобатга олинган. Юртимиз бўйлаб ва Германия давлатига ташкил этилган пресс-турлар шулар жумласидан. Лойиҳамиз 2020 йилнинг май ойида якунланади. Ҳозир эса режадаги ишларни амалга ошириш ҳаракатидамиз.


– Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз ҳудудида сувдан оқилона фойдаланиш, экология масалаларига бағишланган ҳар қандай чора-тадбирлар муҳим, – деди "КРАСС" Хоразм агро-маслаҳат маркази директори Лилиана Син. – Негаки, бу муаммолар нафақат бизда, балки дунёда долзарб мавзуга айланмоқда. Бунда шу йўналишда фаолияти юритаётган нодавлат ноташкилот ташкилотлар фаолияти ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Масалан, ташкилотимиз ҳам қишлоқ хўжалиги ходимларига яқиндан ёрдам беради. Биз атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган лойиҳалар устида ишлаб, бу ишларга кенг жамоатчилик вакилларини жалб қиламиз. Ушбу тадбирда ўзим ҳам тренер сифатида билим ва кўникмаларимни бойитдим. Бунинг учун ташкилотчиларга миннатдорман.


Тадбирнинг иккинчи кунида тренер берган кўрсатмалар асосида уч фаолият вакиллари гуруҳларга бўлиниб, мавжуд муаммоларини қандай ҳал этиш бўйича ечим излашди. Улар ўзаро фикр мулоҳазаларни билдириб, нодавлат нотижорат ташкилотлари жойларда ўзлари дуч келаётган муаммолардан хабардор этиши, оммавий ахборот воситалари бу жараён ёритиши ва матбуот хизматлари эса жамоатчилик ва давлат органлари ўртасида кўприк вазифасини ўташи кераклиги ҳамда ҳамкорликда ишлашнинг аҳамиятини мисоллар асосида изоҳлаб берди.


Якунда иштирокчилар келгусида янада алоқаларни мустаҳкамлашга келишиб олинди.

 

Манба: http://uza.uz/oz/society/suv-va-ekologiya-mavzusi-b-yicha-trener-nimalarga-etibor-ara-14-11-2019