Сув хўжалиги ташкилотларига инновацион ускуналар топширилди.

Сув хўжалиги ташкилотларига инновацион ускуналар топширилди.

Жорий йилнинг 19 июнь куни Сув хўжалиги вазирлигида сув йўлининг кўндаланг кесим юзаси, сув сатҳи ва сарфини бир вақтда ўлчайдиган “SonTek S5” русумли доплер-профилограф сув ўлчаш ускуналарини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Сув хўжалиги вазирлиги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури билан турли лойиҳалар бўйича ҳамкорлик қилиб келади. Шулардан бири Европа Иттифоқи томонидан молиялаштиралиётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида сув ресурсларини барқарор бошқариш: техник салоҳиятни мустаҳкамлаш (2 компонент)” қўшма лойиҳасидир.

 

Ушбу лойиҳа доирасида 2018 йилда Сирдарё-Сўх, Қуйи Сирдарё, Зарафшон, Аму-Қашқадарё, Аму-Сурхон ва Ўнг қирғоқ-Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари тизимидаги пилот ҳудудларга мўлжаллаб 6 дона  “SonTek S5” русумли доплер-профилограф сув ўлчаш ускуналари харид қилинди.

2019 йилнинг 4–7 март кунлари пилот ҳудудларнинг сув хўжалиги ташкилотлари мутахассислари учун мазкур ускуналардан фойдаланиш бўйича интенвис ўқув курслари уюштирилди.

 

 

 

 

Ускуналарни топширишга бағишлаб ўтказилган тадбирни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев кириш сўзи билан очар экан, “Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида сув ресурсларини барқарор бошқариш: техник салоҳиятни мустаҳкамлаш” қўшма лойиҳаси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини, ушбу лойиҳа сув хўжалигини ривожлантириш, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда қишлоқ ҳудудларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширишга катта ҳисса қўшаётганлигини таъкидлади.

– Бугунги кунда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда долзарб масала ҳисобланади, – деди Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайс. – Бу ускуналар инновацион технология бўлиб, сув сарфини аниқ ўлчаш билан бирга ундан оқилона фойдаланишга ҳам хизмат қилади. Сувчилар меҳнатини енгиллаштиради.

 

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовсканинг таъкидлашича, 2050 йилга бориб дунё аҳолиси сони 9,8 миллиарддан ошиши кутилмоқда. Ўзбекистонда ҳам муттасил ўсиш кузатилаяпти. Ўз ўрнида аҳоли сонининг кўпайиши сувга бўлган талабнинг ортишига олиб келади. Шу сабабли, сувдан тежамкорлик билан фойдаланишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Шундай экан, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда шу каби янги ускуналардан, замонавий сув тежовчи технологиялардан фойдаланишга ўтиш даври келди.

Мутахассисларнинг эътирофича, бу ускуна йирик каналлар, дарёлар ва 15 метргача чуқурликдаги сув омборларида ишлатилади. Оқим тезлиги, йўналиши, сув сарфи ҳақидаги маълумотларни кўрсатади. Шунингдек, канал ўзани ва сув омборлари тубида лойқа тўпланиш ҳажмини аниқлаш имконига эга.

Бундан ташқари, дарё ва каналларда ўзан жараёнлари бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб боришда қўл келади.

 

Тадбирда сўзга чиққанлар “SonTek S5” русумли доплер-профилограф сув ўлчаш ускунасининг афзалликлари, ундан фойдаланиш, келгусида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳақида фикр билдирдилар.