Сув хўжалиги учун мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Сув хўжалиги учун мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Жорий йилнинг 13 июнь куни Сув хўжалиги вазирлиги томонидан сув хўжалиги тармоқлари учун мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бўлиб ўтган мазкур анжуманда вазирлик мутахассислари, соҳа олимлари, битирувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 

Матбуот анжуманида Сув хўжалиги вазири ўринбосари А.Мирзаев, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти проректори Б.Мирзаев ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида сув хўжалиги тизимини ривожлантириш, сув ресурсларидан самарали ва тежамли фойдаланишни йўлга қўйиш, бунда ресурстежамкор технологияларни кенг жорий этиш орқали қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш орқали халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади. Соҳада самарадорликка эришиш кўп жиҳатдан замонавий, мустақил фикрлайдиган, билимли ва ташаббускор кадрларга боғлиқ. Зеро, яхши кадрлар етиштирмасдан, уларни саралаб, муносиб жойларга қўймасдан ҳеч қайси бир соҳани ривожлантириб бўлмайди.

Анжуманда қайд этилдики, Ўзбекистон Ресбуликаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вазирлик тизимига 280 та бюджет, 72 та хўжалик ҳисобидаги ташкилотлар бириктирилган бўлиб, уларда қарийб 40 минг нафар мутахассис-ходим фаолият юритиб келмоқда. Жами ходимларнинг 7400 нафари олий маълумотли мутахассислар, 18256 нафари ўрта махсус ва 14267 нафари ўрта маълумотлидир.

Вазирлик номенклатурасидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари тизимли йўлга қўйилган. Жумладан 2018 йилда тизимдаги ташкилотларда ишлаётган 291 нафар раҳбар-ходимларнинг малакаси оширилди ва уларга тегишли сертификатлар берилди. Бундан ташқари, ўтган бир йил ичида вазирлик тизимидаги ташкилотлардан 100 нафарга яқин ходим дунёнинг ривожланган давлатларида малака ошириб қайтди.

Вазирлик кадрлар бошқармаси томонидан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизациялаш муҳандислари институти ва унинг Бухоро филиалини охирги уч йилда тамомлаган битирувчиларнинг маълумотлар базаси шакллантирилди. Шу асосда 300 га яқин ёш мутахассислар ишга қабул қилинди.

Мамлакатимиз сув хўжалиги тизимига мутахассис-кадрлар асосан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти томонидан етказиб берилади. Вазирлик билан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ўртасида тузилган шартномага мувофиқ, институт талабаларининг ўқув-танишув ва ишлаб чиқариш амалиётлари тизимдаги ташкилот ва корхоналарда ташкил этилмоқда.

Анжуман якунида мутасаддилар журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

 

Манба: http://www.water.gov.uz/uz/posts/1545735855/149