Сув хўжалиги вазири: «2030 йилга қадар 50 фоиз майдонларда томчилатиб суғоришга ўтамиз»

Сув хўжалиги вазири: «2030 йилга қадар 50 фоиз майдонларда томчилатиб суғоришга ўтамиз»

Бугун, 12 сентябрь куни соат Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда “Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент фармони ижроси ва моҳияти юзасидан маълумот бериб, ОАВ ходимлари томонидан берилган саволларга жавоб қайтаришди.

Тадбирда Республикада асосий экин майдонларини суғоришда ҳамон эскича, бостирма суғоришга асосланиб қолинаётгани, шунингдек, лоток тармоқлари, дренаж тизимларининг янги технологияларга асосланмаганлиги сабабли, сув манбаларининг 40 фоиздан ортиқ қисми экин майдонларига етиб боргунча бўлган жараёнда йўқотилиши ҳамда бу борада Сув хўжалиги вазирлигининг экин майдонларини янгича суғориш тизимига ўтиш борасида аниқ муддатга мўлжалланган режаси бор ёки йўқлиги борасида савол билан мурожаат қилинди.

«Тўғри айтдингиз, суғориш жараёни эскича тизимга асослангани учун биз ҳар йили ариқ зовурлар таъмири учун триллионлаб маблағ ишлатмоқдамиз. Айнан шу сабабли, сувнинг катта қисми самарасиз йўқотилади. Бу бизга эски даврдан қолган катта мерос.

Эндиликда биз ҳар бир лойиҳада маблағ тежаш мақсадида техник ва иқтисодий асосига эътибор қаратмоқдамиз. 

Бизда эндиликда режа асосидаги мелиорация дастурлари ишлаб чиқилиб, амалга киритилмоқда. Бундай дастурлардан биринчиси 2008-2012 йиллар учун, иккинчиси 2013-2017 йиллар ва учинчиси 2018-2022 йиллар учун мўлжалланган. Ҳозирда биз ўша учинчи дастур асосида ишлаяпмиз. Бу бизнинг яқин йиллар учун режамиз.

Хабарингиз бор, ҳозирда Республика қишлоқ хўжалигининг 2030 йилгача бўлган узоқ йиллик дастури ишлаб чиқилмоқда. Мана шу концепция асосида камида 10 йил ичида 2 миллион, яъни, 50 фоиз суғориладиган экин майдонларимиз томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинади. Бу эса жуда катта марра ва машаққатли иш. Бунинг учун катта субцидиялар ажратиляпти. Биз буни уддалаймиз», дея Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.