Сувни чучуклаштирувчи ускуналар ишга тушди

Сувни чучуклаштирувчи ускуналар ишга тушди

Мўйноқ тумани “Мадели” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги Пўрлитов қишлоғида сувни чучуклаштирувчи насос станцияси фойдаланишга топширилди.


Оролбўйи ҳудудларини ривожлантириш жамғармасининг 2 миллиард 154 миллион сўмлик маблағи ҳисобидан таъмирланган мазкур объект ҳудуддаги 1 минг 150 нафар аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга тўла имконият яратади.


Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги маълумотига кўра, туманда 2019 йилда инвестиция дастурлари асосида жами 11 объектда қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилиши режалаштирилган.


Тегишли дастур асосида тумандаги “Талли ўзак”, “Орол” ва “Жайхун” ОФЙларига 2,35 километр ичимлик суви тармоқларини умумий қуриш ҳамда учинчи босқич насос биносига 2 дона насос агрегатларини ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, ушбу тадбирларга жами 837 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.


Оролбўйи ҳудудларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан умумий миқдори 1 миллиард 615 миллион сўмлик “Бўзотов” ОФЙга қарашли Шағирли қишлоғида 8,9 километр, “Жайхун” ОФЙда 1,02 километр ичимлик суви тармоқларини тортиш, “Мадели” ОФЙнинг Пўрлитов қишлоғида 7,5 километр ичимлик суви тармоқларини тортиш ишлари олиб борилди.

 

 

photo5438480159805123305.jpg

Манба: http://uza.uz/oz/society/suvni-chuchuklashtiruvchi-uskunalar-ishga-tushdi-04-09-2019