Томчилатиб суғориш – самарали усул

Томчилатиб суғориш – самарали усул

Дунё тажрибасида ўзини оқлаётган энг самарали усул – экинни томчилатиб суғоришдир. Зеро, мутахассислар мазкур усулга бежиз кам сув сарфлаб барқарор ва юқори ҳосил олиш омили сифатида таъриф беришмайди. Бинобарин, бу технология тупроқ намлигини сақлаб, сув миқдорини бошқариш, уни ҳар бир экиннинг эҳтиёжига мос равишда тақсимлаш имконини беради.

Илдиз ривожланувчи тупроқ қатламида ўсимлик учун мақбул бўлган сув-физик муҳит яратилади. Ўғит сув билан бирга берилгани боис қатор ораларига техника билан ишлов беришга зарурат қолмайди.

Президентимизнинг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ томчилатиб суғориш технологиясини қўллаб, пахта хом ашёси етиштирувчиларга бир қатор имтиёзлар берилган. Шу билан бирга, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш технологияларини қўллаш учун ҳар гектарига 8 миллион сўм субсидия тақдим этилади.

Бугунги кунда мамлакатимизда ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларини томчилатиб суғоришда технологиясини жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бу борада Андижон вилоятида амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик.

Жорий йилда вилоятнинг Балиқчи туманидаги “Жўраев Дурбек”, “Бурхон”, Избоскан туманидаги “Файзли Замин инвест”, “Буюк бетакрор диёр”, “Асронов Элмурод”, Булоқбоши туманидаги “Булоқбошилик агроном Азимжон”, Жалақудуқ туманидаги “Қорапўлат ерлари”, Олтинкўл туманидаги “Бахт имкон ривож”, Пахтаобод туманидаги “Жиянбек Тожибой”, “Гулзор оқ олтини”, “Супургибеков Юсупжон”, Хўжаобод туманидаги “Чилустун оқ олтини”, Қўрғонтепа туманидаги “Жонтўра ерлари” фермер хўжаликлари ҳамда “Хантекс Аргосервис” кластерининг ғўза етиштириладиган жами 361 гектар майдонида томчилатиб суғориш технологияси татбиқ этилмоқда. Ҳозирга қадар шунинг 306 гектарида томчилатиб суғориш технологияси қурилиб, ишга туширилди. Қолган майдонларда ҳам қурилиш-монтаж ишлари якунига етказилмоқда.

Қурилиш-монтаж ишлари “Eco Drip Lux” МЧЖ, “Agrodrip” корхонаси, “Netafim” компанияси томонидан олиб борилмоқда.

Маълумот учун: пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияси қўлланилганда минерал ўғитлар самарадорлиги 30 фоиз ортиб, сув сарфи гектарига 40–50, ёнилғи 60 фоиз қисқаришига эришилади. Ғўзанинг биологик пишиш муддати 12–15 кунга тезлашиб, ҳосилдорлик 20–30 центнерга кўпаяди.

Манба: http://cc.uz/161fb