Томчилатиб суғориш технологиясини жорий этишга қанча кредит ажратилди?

Томчилатиб суғориш технологиясини жорий этишга қанча кредит ажратилди?

Жорий йилда тижорат банклари 5 367 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш истагини билдирган фермерларга 83,9 миллиард сўмлик кредит ажратди.

Бу ҳақда Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан ташкил этган ўқув амалий семинарда айтиб ўтилди.

Семинар иштирокчилари Тошкент туманининг Ҳасанбой қўрғонида жойлашган сув тежовчи технологияларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқараётган корхона маҳсулотлари билан танишди.

2011 йилда ташкил этилган мазкур корхонада суғориш тизими учун полиэтилен шланглар, турли ҳажмдаги фитинглар, полиэтилен қувурлар каби 800 хилдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.

Шунингдек, семинар қатнашчилари кун давомида Янгийўл тумани Агровер корхонасида жорий қилинган ёмғирлатиб суғориш технологияси, Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидаги пахта етиштиришда томчилатиб суғориш технологияси, Жиззах вилояти “Пахтакор” туманида ташкил этилган кластердаги ёпиқ суғориш тизими каби сувни тежайдиган технологиялар билан танишади.

 

- Ўзбекистонда сувни тежашда қўл келувчи технологияларни ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш керак, - дейди Сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков. – Чунки томчилатиб суғориш оммалашмоқда. Хусусан, жорий йилда 12 121 гектар пахта майдонида сув тежаш технологияларини жорий этиш режалаштирилган. Шунингдек, 20 000 гектар интенсив боғ ва токзорда ҳам ана шундай технологиялар жорий этилади.

Семинарда Сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроев ҳам иштирок этмоқда.