Вазир: «Кафолат бераман, 2025 йилгача суғориладиган ерларимизнинг тўртдан бир қисми янги технологияда сув ичади»

Вазир: «Кафолат бераман, 2025 йилгача суғориладиган ерларимизнинг тўртдан бир қисми янги технологияда сув ичади»

Халқаро пресс-клубнинг 12 декабрь кунги сессиясида қишлоқ хўжалиги майдонларида сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш ва бу борадаги муаммолар муҳокама қилинди.

Сессияда Kun.uz мухбири томонидан фермер хўжаликларининг молиявий имконияти масаласи кўтарилиб, неча фоиз фермер хўжаликлари бугунги кунда сув тежовчи технологияларни (томчилатиб суғориш) жорий қилишга лаёқатли экани борасида савол берилди.

Саволга Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев жавоб қайтарди.

«Якунланаётган йилда Ўзбекистонда 33.8 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш, 1.1 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш, 2.2 минг гектарда пулсар суғориш, жами бўлиб эса 36.6 минг гектарда сув тежовчи технологиялардан фойдаланишга ўтилди.

Бизда 2025 йилгача республикадаги қишлоқ хўжалиги майдонларининг камида 1\4 қисмида сув тежовчи технологиялардан фойдаланишга ўтиш режаси бор. Умуман олганда, мен бунга кафолат бераман.

Бу масалада илғор фермерлар, кластерлар бизни қўллаб-қувватламоқда.

Шунингдек, эслатиб ўтмоқчиман, президентнинг «Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Унга кўра, келгуси йилдан томчилатиб суғориш тизимини жорий этганлик учун гектарига 8 млн сўм, ёмғирлатиб суғориш тизимлари учун 4 млн сўм ва дискретли (пулсар) суғориш учун 1 млн сўм давлат субсидияси берилади», дея вазир сўзларини келтирмоқда сайт мухбири.

 

Манба: https://kun.uz/news/2019/12/12/suv-xojaligi-vaziri-kafolat-beraman-2025-yilgacha-sugoriladigan-yerlarimizning-tortdan-bir-qism-yangi-texnologiyada-suv-ichadi