Халқимизнинг матонати ва бирдамлиги рамзи

Халқимизнинг матонати ва бирдамлиги рамзи

Катта Фарғона канали водий вилоятларини сув билан таъминловчи асосий манбалардан бири ҳисобланади.

– Катта Фарғона канали ўз тарихига эга. 1939 йили 270 километрлик масофани 163 минг нафар халқимиз фарзандлари рекорд натижада, яъни 45 кунда қазиб фойдаланишга топширган. Бу 17,8 миллион куб метр тупроқ ишлари демакдир.

Мазкур канал халқимиз меҳнати, шижоатининг рамзи сифатида ҳам қадрли, – дейди Катта Фарғона магистрал канали бошқармаси бошлиғи Алишер Таджиалиев. – Иншоот асосан қўл кучи ёрдамида қазилган. Каналнинг лойиҳасини “САЗГИПРОВОД” лойиҳа тадқиқот трести муҳандислари А.Н Аскоченский, И.Д Лебедов, В.В Пославский ва И.Ф Федодеевлар чизишган. Асосий буюртмачи бўлмиш Давлат комиссияси озиқ-овқат ва зарурий ашёлар учун 20 млн рубл (1939 йил нархида) ажратган. Канал трансчегаравий хусусиятга эга. Чунки каналдан Қирғизистон Республикасининг 757 гектар ва Тожикистон Республикасининг 18497 гектар экин майдонлари сув билан таъминланади.

– Канални қазиш ишлари ўта пухта режа асосида амалга оширилганлиги сабабли оқаётган сув ўзини-ўзи тозалаш хусусиятига эга. Шу боисдан канални таъмирлаш ва тозалаш ишлари қисқа вақт оралиғида амалга оширилади, – дейди канал бошқарма бошлиғи ўринбосари Рустамжон Рустамов. – Бу канал Фарғона водийси каналларининг дебочаси саналади.Чунки канал қурилиши йиллар давомида мукаммаллаштирилиб, мустаҳкамланиб борди. Ҳозирги кунда ушбу сув иншоотининг 215,8 километри бошқармамиз балансида. Жами  738 та гидротехник, 8 та сув тўсувчи иншоот, 490 та сув олувчи даҳана, 19 та акведук, 141 та дюкер, 62 та кўприк, 2 та шаршара, 581 та гидропост, 2 та йирик гидроузелни ташкил қилади. Каналнинг умумий ер майдони 1609,73 гектардан иборат.

Бошқарманинг 371 нафар ишчи-ходими 147,0 м3/с тезликда ўтаётган сувни назорат қилиб боришади. Натижада Наманган вилоятининг 34037 гектар, Андижон вилоятининг 77395 гектар ва Фарғона вилоятининг 119869 гектар экин майдонлари кафолатли сув билан таъминланади.

Каналга асосий сув захираси Нориндарё ва Қорадарё орқали келади. Сувни экин майдонларига бир текис таъминланишини назорат қилиш мақсадида Шаҳрихон, Марғилон ва Қўқон бўлимларини ташкил қилганмиз. Ёзнинг июль, август ойлари сув танқислиги юзага келади. Ҳавонинг ҳаддан зиёд исиши натижасида экин майдонларининг сувга бўлган эҳтиёжи ортади. Бундай пайтларда қўшимча манбалардан – «Мустақилликнинг 10 йиллиги» ва «Сўх» тўйинтирувчи каналларидан фойдаланамиз.

Канал атрофини ободонлаштириш ва назорат қилиш мақсадида қўшимча хўжаликлар ташкил қилинган бўлиб, улар асосан қирғоқларга дарахт кўчатлари экиш ва сувнинг йўқотишларсиз ўз манзилига етиб боришини таъминлаш билан шуғулланади. Хўжаликлар қошида паррандачилик, чорвачилик каби тармоқларнинг ташкил қилингани эса соҳа вакилларини озиқ-овқат билан таъминлашда қўл келмоқда. Жамоа ишчи ва ходимлари жорий йилда янада улкан мувофақиятларни қўлга киритиб, бободеҳқонлар меҳнатини юзага чиқаришга астойдил бел боғлашган.

 

“Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги” журналининг 
2019 йил 8-сонидан қисқартириб олинди