Хорижнинг замонавий суғориш тизимлари ўрганилди

Хорижнинг замонавий суғориш тизимлари ўрганилди

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида малака ошираётган Сирдарё ва Фарғона вилоятларидаги туман ирригация бўлими бошлиқларининг навбатдаги машғулотида Америка Қўшма Штатларининг замонавий суғориш технологияси – пульсар суғориш тизимининг тақдимоти ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев ва АҚШнинг “Silverleafe international” компанияси президенти Даниэл Паттерсон Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларида сув тежовчи технологияларни жорий этиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, айниқса, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда замонавий ресурстежамкор технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.

Қайд этилдики, пульсар суғориш технологияси АҚШда 30–40 йилдан буён фойдаланиб келинмоқда. Ушбу тизимда ер лазерли қурилма ўрнатилган автоматлаштирилган агрегатлар ёрдамида текисланади ҳамда далага оби-ҳаёт ер ости ёпиқ қувур тизими орқали етказиб берилиши ҳисобига сув сарфи 30 фоизгача тежалади.

Бунда далада ер ости ва устки қувурлар, гидрант, автомат бошқариш тизими ва назорат ўлчов асбоблари ўрнатилиб, сув экин қатор ораларига эгилувчан қувурлар орқали таралиши натижасида қўл меҳнати камаяди, экинлар сув билан бир меъёрда таъминланади. Бир кунда 45–50 гектар ерни суғориш имконияти мавжуд. Ушбу тизимни 1 гектар майдонга жорий қилиш учун 1000–1500 АҚШ доллари талаб этилади. Пульсар тизимидан 20–25 йил мобайнида фойдаланиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 25 октябрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2020 йилда республикамизда жами 4000 гектар майдонда ушбу тизимни жорий этиш режалаштирилган. Қарорга биноан мазкур тизимни жорий этган хўжалик юритувчи субъектларга давлат томонидан ҳар бир гектар майдон учун 1 млн. сўмдан субсидия ажратилади.

Тадбирда АҚШнинг “Silverleafe international” компанияси президенти Даниэл Паттерсонга Ўзбекистонда замонавий суғориш тизимларини жорий этишга ҳамда бу борада сув хўжалиги тизими ходимларининг малакасини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётганлиги учун Сув хўжалиги вазирлигининг ташаккурномаси топширилди.

Сув хужалиги Матбуот хизмати