Япония сармоясини жалб этиш истиқболлари муҳокама қилинди

Япония сармоясини жалб этиш истиқболлари муҳокама қилинди

2019 йил 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма билан учрашув ўтказди.

Учрашув Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга давлат ташрифига тайёргарлик доирасида бўлиб ўтди. Унда томонлар Ўзбекистон ва Япония ўртасида барча соҳаларда ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганлигини қайд этди.

Ҳозирги кунда Япония компанияларининг инвестицияларини Ўзбекистон иқтисодиётига кенг жалб этиш, жумладан, сув хўжалиги тизимини ривожлантириш, ирригация тармоқларини модернизация қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш соҳаларида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ўз самараларини бераяпти.

Келгусида бу борада ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар режалаштирилган. Шу мақсадда, Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан биргаликда шўрланган майдонларда ёпиқ микродренаж тармоқларидан фойдаланиш, сув ресурсларини барқарор бошқариш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда замонавий суғориш технологиялари ҳамда сув ресурсларини бошқаришда илмий асосланган ёндашувларни жорий этиш бўйича лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилмоқда.

Учрашувда Япония ҳукуматининг грант маблағлари ва япон инвесторларининг тўғридан-тўғри сармояларини мамлакатимиз сув хўжалиги тизимига янада кенгроқ жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумот учун: ҳозирда Япония Халқаро ҳамкорлик агентлигининг 108,9 млн. АҚШ долларилик кредит маблағи ҳисобига “Аму-Бухоро ирригация тизимларини реабилитация қилиш” лойиҳаси доирасида “Аму-Бухоро-2”, “Қизилтепа-1”, “Ҳамза-2” насос станцияларини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

 

Сув хўжалиги вазирилиги матбуот хизмати