Яқин 10 йил ичида томчилатиб суғориш технологияси қўлланиладиган экин майдонлари 2 миллион гектарга етказилади

Яқин 10 йил ичида томчилатиб суғориш технологияси қўлланиладиган экин майдонлари 2 миллион гектарга етказилади

 
2019 йил 12 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраевнинг маълум қилишича, сув ресурсларидан самарали ва тежамли фойдаланишни йўлга қўйиш ва экинларни суғоришда ресурстежамкор инновацион технологияларини жорий этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бунда, айниқса, томчилатиб суғориш технологиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида мамлакатимизда қарийб 30 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиялари ўрнатилди. Шунинг 11 минг 221 гектари ғўза, 17 минг 147 гектари боғ ва ток, 1 минг 429 гектари бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларидир.

Шу билан биргаликда жорий йилда республикамизда 12,6 минг гектар майдонда плёнка тўшаб, 43,5 минг гектар майдонда қувурлар орқали, 1150 гектардан ошиқ майдонда ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрда қабул қилинган “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинган ҳар бир гектар пахта майдонига давлат ҳисобидан 8 миллион сўм субсидия тақдим этиш белгиланган эди. Фармонга асосан, бу йил томчилатиб суғориш технологиясини жорий этган 195 та хўжалик юритувчи субъектларга 92 миллиард сўм субсидия ажратилди.

Сув хўжалиги вазирлиги ҳар йили 200 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этишни ва яқин 10 йил ичида ушбу технология қўлланиладиган экин майдонларини 2 миллион гектарга етказишни режалаштирган.

Вазирлик тизимида жами 1 минг 687 та насос станцияларида 5 минг 285 та агрегат мавжуд бўлиб, республикамиздаги жами 4,3 млн. гектар суғориладиган майдонларнинг 2,3 млн. гектари ушбу насос станциялар орқали суғорилади.

Насос станцияларида энерготежовчи қурилмаларнинг ўрнатилиши ҳисобига жорий йилнинг 8 ойида 5 млрд 395 млн. кВт электр энергияси сарфланди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 422 млн. кВт. соат электр энергиясини тежашга эришилди. Йил якунига қадар ушбу кўрсаткични 500 млн.кВт соатга етказиш режалаштирилган.

Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Камаловнинг таъкидлашича, агентликнинг асосий вазифаси хорижий молия ташкилотларининг грант ва кредит маблағларини жалб қилиш ва тадбиркорлик соҳасига йўналтиришдан иборат. Хусусан, чорвачилик, мева-сабзавотчилик, интенсив боғдорчилик, томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун музлаткичли омборхоналар барпо этиш, мева-сабзавотни қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш технологиялари, шунингдек, замонавий иссиқхоналар барпо этиш каби ишлар шулар жумласидандир.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати 

http://www.water.gov.uz