Зафаробод туманида 480 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий қилинади

Зафаробод туманида 480 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий қилинади

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида қишлоқ хўжалигида ёмғирлатиб суғориш технологиясининг замонавий усулларини жорий этиш истиқболларига бағишланган амалий семинар бўлди.
 
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари, экспертлар, соҳага оид хорижий компаниялар вакиллари, институт профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
 
Сув хўжалиги вазири ўринбосари Равшан Мамутов сув ресурсларидан самарали ва тежамли фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишда белгилаб берилган долзарб вазифалар хусусида маълумот берди. Жумладан, ёмғирлатиб суғориш тизими ёрдамида ер юзасида ҳеч қандай сув оқими вужудга келмайди ва барча сарфланган сув ерга сингиб кетади.
 
Айниқса, бутун дунёда оммалашаётган пивот ёмғирлатиш тизими ер майдонини бир текис суғоришда қўл келади. Ёмғирлатиб суғориш тизими орқали “AGROVER” масъулияти чекланган жамияти 2018 йилда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ва Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида 350 гектар майдонда картошка етиштириш бўйича яхши натижага эришди.
 
“Agro milk plants” масъулияти чекланган жамияти томонидан2019-2020 йилларда Жиззах вилояти Зафаробод туманида 480 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий қилиш режалаштирилмоқда. Ушбу суғориш тизими асбоб-ускуналари республикамизда ишлаб чиқарилмаслиги сабабли тўлиқ импорт қилинади. 2019-2020 йилларда “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти томонидан “Чирчиқагромаш” ишлаб чиқариш базасида ёмғирлатиб суғориш тизими машиналари ва асбоб ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича 40 миллион АҚШ доллари қийматида манзилли дастур тайёрланди.
 
Соҳада ушбу усулни интенсив боғларда, сабзавотчилик ва полизчилик тармоқларида оммалаштирган деҳқон-фермерларимиз саъй-ҳаракати туфайли табиий ва моддий ресурслар тежалади. Шу билан бирга, ҳосилдорлик ошиб, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узлуксиз ва арзон нархларда етказиб беришга имконият яратади.
 
Семинарда Испаниянинг “АISCO” ирригация компанияси мутахассислари томонидан бугунги кунда дунёнинг кўплаб сув танқис мамлакатлари қишлоқ хўжалигида жорий қилинган ёмғирлатиб суғоришда пивот ёмғирлатиш тизимининг ютуқлари бўйича тақдимот ўтказилди. Маълумотларга кўра, жаҳонда атиги 11 фоиз ёмғирлатиб, 3 фоиз ер майдонида томчилатиб суғориш технологияларидан фойдаланилади.
 
– Шуни инобатга олган ҳолда қишлоқ хўжалигида анъанавий суғориш тизимидан механик ирригация йўналишига ўтиш иқтисодий жиҳатдан қулай бўлиб, табиий ресурсларни тежашга ёрдам беради, – дейди “АISCO” ирригация компанияси бош директори Даниел Фернандэс. – Бундан ташқари, ушбу тизимдан кўп йиллар давомида фойдаланиш мумкин бўлиб, барча ишлар компьютерлаштирилган. Муҳими, бу технология 50 гектарлик дала майдонларида ҳар қандай қишлоқ хўжалиги экинлари учун мўлжаллангани билан ҳам аҳамиятлидир.
 
Тадбирда суғориш технологияларини ишлаб чиқариш ва жорий қилиш, пахтани парваришлашнинг замонавий усулларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.   
  Манба:  http://cc.uz/1619q